Сенатда Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеясига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 7 февраль куни Олий Мажлис Сенатида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев олиб борди.
Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан 2025 йилнинг 5–9 апрель кунлари 190 та мамлакатни бирлаштирган Парламентлараро иттифоқнинг энг йирик халқаро тадбири – 150-юбилей ассамблеясига Ўзбекистон мезбонлик қилади.
Халқаро даражадаги бундай нуфузли тадбир парламентаризм ва барқарор ривожланишнинг ижобий тажрибаси юқори бўлган мамлакатлардагина ўтказилади.
Бундай тадбир Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор юртимизда ўтказилмоқда.
“Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказиладиган ассамблеянинг туркум йиғилишларида бутун дунё парламентлари етакчилари раҳбарлигидаги делегациялар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш ҳамда илм-фан, технологияларни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Шу муносабат билан, йиғилишда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган мазкур ассамблеяга тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ассамблея доирасида ўтказиладиган ҳар бир тадбирга масъул мутасадди ташкилотларнинг вазифалари ва амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ҳақида фикр алмашилди.