Сенатда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Керол Миллер хоним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Шунингдек, энергетика саноати, таълим, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва гендер тенглик масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда парламент дипломатияси муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, дўстлик гуруҳларини ташкил этиш ҳамда ҳудудлараро мулоқотларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.