Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Молия 18/12/2024 Сенат солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига доир қонунни маъқуллади

Сенат солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишларига доир қонунни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

Қонун билан 2025 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида бизнес юритишни енгиллаштириш юзасидан белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

2025 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи 0,95 фоиз, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 1 куб метрга 100 сўм, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари – 25%), айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.

Қонун қабул қилиниши натижасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитларни яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солиниши таъминланади.

Қайд этилганидек, солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб қолган ҳолда аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ҳамда атроф муҳитни ҳимоя қилишни рағбатлантириш йўналишлари назарда тутилмоқда.

2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлар учун солиқ юкини камайтириш орқали қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи бекор қилинмоқда ҳамда барча нашриёт ва матбаа корхоналари 2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод этилмоқда.

Қонунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий бюджетга оид ваколатлари кенгайтирилган. Уларга туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкасини энг кам ва энг юқори ставкалар (диапазонда) доирасида белгилаш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳамда норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлар қўллаш ваколатлари берилмоқда.

Сенаторлар ўз чиқишларида Қонунда бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, солиқ сиёсатини белгилашда соғлом турмуш тарзини яхшилаш ва табиатни асрашни рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилганини таъкидлади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг