Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи доирасида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда В.Матвиенко ҳамда М.Ашимбаев Т.Нарбаевани Сенат Раиси лавозимига сайлангани билан табриклаб, келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон парламенти билан алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, ҳудудий вакиллик органлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш бўйича зарур чораларни кўришга эътибор қаратилди.
Шунингдек, МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси кун тартибидаги муҳим вазифалар ижроси ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.