Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 04/10/2020 Сенат Раиси Бўстон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар билан танишди
Сенат Раиси Бўстон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар билан танишди

 

Аввал хабар берилганидек, жорий йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева 2020-2022 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида Андижон вилояти Бўстон туманига ташриф буюрди.

 

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 августдаги “Андижон вилоятининг Бўстон туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори доирасида ҳудудда бир қатор ишлар амалга оширилиши назарда тутилган. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари ҳамда ишсиз ёшларни касб-ҳунарга қайта тайёрлаш параметрлари, қолаверса, 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш юзасидан чора-тадбирларни рўёбга чиқариш шулар жумласидандир. Ушбу белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 153,6 млрд. сўм ажратилади.

 

Сенат Раиси даставвал “Зиё-2002” МЧЖга ташриф буюриб, ушбу корхона фаолияти ҳамда Андижон вилояти Бўстон туманидаги ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимини давлат-хусусий шериклик асосида барқарор фаолият олиб бориши ва натижадорлигини таъминлашга қаратилган лойиҳа билан танишди.

 

Андижон вилояти Бўстон туманида 70 та ижтимоий соҳа объекти мавжуд бўлиб, куз-қиш мавсумида иситиш мақсадида турли корхоналар томонидан ишлаб чиқилган, шу жумладан, АКС-100 қозонидан фойдаланилади. АКС-100 қозони ёқилғи сарфи 51 кг/соат қаттиқ кўмир (кўмир) ёқилғисидан фойдаланилади, иситиш қуввати 1000 м2, фойдали иш коэффициенти 75-85 % ни ташкил этиб, кафолат муддати 1 йил. Қозонлар автоматлаштирилмаган.

 

Давлат-хусусий шериклик бўйича таклиф этилган мазкур лойиҳада Бўстон туманидаги 70 та ижтимоий соҳа объекти учун жами 122 та “KOZ” (КОЗ) русумли автоматлаштирилган қозонхоналар ўрнатиш, барча муассасаларда бир маромда хавфсиз иссиқлик таъминотини йўлга қўйиш режалаштирилган. Натижада туманда 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумини ўтказиш учун хар йили жами 4,8 млрд. сўм ташкил этилиши кутилмоқда.

 

Қолаверса, ушбу лойиҳа асосида туманда ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини давлат-хусусий шериклиги асосида корхона ташкил этиш ва бу орқали иссиқлик тизимларини модернизация ва реконструкция қилинади. Қаттиқ ёқилғи (кўмир) сарфи 30-40% иқтисод қилинади. Жами иқтисод бўлиши кутилаётган натижа  1,6 млрд. сўмни ташкил қилади.

 

Сенат Раиси истиқболда мазкур корхонанинг фаолиятини кенгайтириш, кластер шаклида иш олиб бориши, иситиш тизимида зарур бўладиган барча ускуналар, хом-ашёни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш муҳимлиги ва бунинг учун шароит яратиш борасида сўз юритди.

 

Шундан сўнг парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева Бўстон тумани касб-ҳунар ўргатиш мактабида бўлди. 30 нафар педагог ходимлар томонидан ёшларга ҳунар ўргатиладиган ушбу муассаса 600 ўринга мўлжалланган. 7 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитиладиган мактабда 2020/2021 ўқув йилида 250 нафар ўқувчи жалб қилинган.

 

Муассасада ўғил-қизлар якка тартибда пойабзаллар ва мебель жиҳозларини таъмирлаш, аёллар сартароши, тикувчилик, компьютерда ишлаш ва техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ҳамда сантехника ишларини қунт билан ўрганмоқда.

 

Бандлиги таъминланган 11-синф битирувчиларидан 222 нафарини касб-ҳунар ўргатиш мактабида касб-ҳунарга ўқитилади. Бундан ташқари, 2020/2021 йилларда 25 та маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз сифатида рўйхатга олинган 408 нафар шахс касб-ҳунарга қайта ўқитилади.

 

Сенат Раиси ушбу мактабда ҳунар ўрганаётган ёшлар, уларга дарс бераётган устозлар билан суҳбатлашиб, бу каби муассасалар сонини кўпайтириш, олий таълимга ўқишга киролмаган ўқувчиларни жалб этиш ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлади.

 

Навбатдаги манзил – Бўстон Давлат хизматлари агентлиги.

 

Ушбу муассаса томонидан кунлик ўртача 100-150 нафар фуқарога давлат хизматлари кўрсатиб келинади. Марказнинг эски биноси туман Халқ қабулхонасининг иккинчи қаватида жойлашганлиги сабабли кўзда тутилган стандартларга жавоб бера олмас, кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Бу эса табиийки, турли норизоликларнинг келиб чиқиши сабабчи бўларди.

 

Шунинг учун аҳолининг сифатли хизмат олиши мақсадида замонавий кўринишга эга бўлган Андижон вилоятининг Бўстон тумани Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

 

Барча шароитларга эга Марказ зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 140 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Марказда бир вақтнинг ўзида 10 нафар, бир кунда 200 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий тарзда  жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инвесторлар хонаси мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади.

 

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган. Ташриф буюрувчилар электрон галаграмма орқали марказ фаолияти ҳақида зарур барча маълумотларни олиши мумкин. Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

 

Яна бир жиҳат. Қулай кутиш зали, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун алоҳида хоналар, кутубхона, болалар майдончасининг мавжудлиги Марказга келувчиларнинг вақтини мазмунли ўтишига хизмат қилади.

 

Сенат Раиси 174  мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ушбу туманда аҳоли сифатли ва тезкор давлат хизматлари кўрсатиш муҳим эканлигини таъкидлади. Бунда кадрлар ва ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланиш масаласига урғу берди.

 

Шундан сўнг Олий Мажлис юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева Андижон вилояти Бўстон туманида “SAYYORA FAVVORASI” хусусий корхонасига ташриф буюрди.

 

Мазкур муассаса томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган янги йирик лойиҳа тақдимоти ҳам бўлди. Калава ип ва чигитни қайта ишлашни режалаштираётган 174 млрлд. сўмлик ушбу лойиҳа орқали туманда 720 та янги иш ўринлари яратилиши назарда тутилган. Мазкур корхона жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг