Сенат лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-қоидаларига оид қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мажлисда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизмни ва маъмурий тўсиқларни бартараф этилаётгани, шу жумладан аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятларини кенгайтирилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, сенаторлар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талаблари бузилганидан кейин ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланганда жарима миқдорига нисбатан имтиёз қўллаш амалиётини жорий этиш зарурати юзага келаётганлигига алоҳида урғу берди.
Худди шундай жарима солиш тўғрисидаги қарорларни махсус электрон тизим воситасида расмийлаштириш, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган чет эл юридик шахслари томонидан амалга ошириш борасида айрим очиқ қолган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Давлат божи тўғрисида”ги, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Экспорт назорати тўғрисида”ги ва “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Божхона кодексларига лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини соддалаштиришга, ҳуқуқбузар томонидан жарима ихтиёрий равишда тўланган тақдирда унга нисбатан имтиёзлар қўлланилишини, лицензиялаш тартиб-таомиллари давлат хизматлари марказлари орқали ҳам амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ялпи мажлис давомида Қонун қизғин муҳокама қилиниб, унинг келгусида тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қулай шарт-шароитлар таъминлашга кенг имкониятлар яратишга хизмат қилиши юзасидан фикрлар билдирилди.
Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.