Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 06/04/2023 Сенат Кенгаши навбатдаги ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди
Сенат Кенгаши навбатдаги ялпи мажлисни чақириш тўғрисида қарор қабул қилди

4 апрель куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисини 2023 йилнинг 6 апрель куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қайд этилганидек, видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мазкур ялпи мажлисда бир қатор қонунлар ва масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

“Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва  қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар муҳокама қилинади.

Шу билан бирга, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитади.

Бундан ташқари, ялпи мажлис кун тартиби доирасида музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигига парламент сўрови юбориш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижро этилиши юзасидан 2022 йил 7 октябрда қабул қилинган СҚ-638–IV-сонли қарори бажарилиши масалаларини ҳам  кўриб чиқиш назарда тутилган.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш режалаштирилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг