Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 25/08/2016 Сенат “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади
Сенат “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 24-август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади.

Ушбу қонун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатасига киритилган ҳамда ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган.

Ушбу қонун ички ишлар органлари тизими ва тузилишини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда ваколатларини, уларнинг ходимларига нисбатан қўйилган талабларни, шунингдек, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш чораларини аниқ белгилаб беради.

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ички ишлар органлари зиммасига фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулки ҳимоясини таъминлаш вазифалари юклатилмоқда.

Ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини, шу жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, жиноятларнинг, бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларни фош қилиш, жамоат жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ички ишлар органларининг аниқ вазифаларини белгилаб қўйиш уларининг жамият ва давлат олдидаги жавобгарлигини оширади.

Қонунда ички ишлар органлари хизматига қабул қилишга доир қўйилган асосий талабларга, хизмат ўташ шартларига алоҳида ўрин ажратилган.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонун ички ишлар органлари нуфузини мустаҳкамлашга, улар фаолиятида қонунийликни таъминлашга, шунингдек, ходимларнинг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни ижро этиш бўйича жавобгарлигини оширишга кўмаклашади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг