Қайд этилганидек, қонуннинг асосий мақсади ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан, ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта ҳосил қилиш тизими самарадорлигини оширишдан, уларнинг яшаш муҳитини сақлашдан, шунингдек, қонуннинг тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъминлашдан иборат.
Амалдаги қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таъсирчанлигини оширишга ва биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳайвонлар генофондини комплекс ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан қонунчилик ҳужжатларидаги нуқсонларни бартараф этишга, қонун нормаларини янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлаштиришга қаратилган янги ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлайди.
Қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқаришда давлат органларининг, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва олиб чиқишнинг ҳуқуқий режимини, табиий муҳитдан «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонлар ажратиб олинишини тақиқлашни, ҳайвонот дунёси объектларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг яшаш муҳитини сақлаш бўйича биотехник тадбирлар ўтказиш тартибини белгилаб берувчи нормалар қонуннинг муҳим қоидаларидир.
Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасида мониторинг ва назорат олиб бориш, ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш масалалари қонунда алоҳида ўрин эгаллайди.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши табиий шароитларда ёввойи ҳайвонларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичларини сақлаш, улардан оқилона фойдаланиш бўйича ишлар самарадорлигини оширишга, ушбу соҳада мавжуд бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади.