Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 01/12/2016 Сайловчилар мустақил қарор қабул қилишининг муҳим шарти
Сайловчилар мустақил қарор қабул қилишининг муҳим шарти
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ва онгли равишда билдириши демократик сайловларнинг ажралмас қисми бўлиб, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқи кафолати таъминланган шароитдагина уни амалга ошириш мумкин.

Мамлакатимиз қонунчилигида сайловчилар хоҳиш-иродасини эркин билдиришига қандайдир таъсир кўрсатишга йўл қўйилмаслигига оид масалалар аниқ тартибга солинган. Бунда, айниқса, сайловолди ташвиқоти фаолиятини олиб боришнинг усул ҳамда шакллари чекланишига алоҳида эътибор қаратилган. Бу чекловлар сайловчиларни ноҳалол ташвиқотдан, жумладан, жамоатчилик фикрига ноқонуний таъсир кўрсатишнинг “қора” технологиялар, деб номланган ва бошқа усулларини қўллашдан ҳимоялашга қаратилган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, овоз бериш кунига қадар қолган беш кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоат фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини ва ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни нашр этиш (эълон қилиш), шунингдек уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет тармоғига) жойлаштириш тақиқланади. Шу билан бирга, кузатувчиларга сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш ман этилади.

Хорижда сайловчиларнинг фикрларини турли кўринишда ўрганиш кенг оммалашган. Айрим экспертлар фикрича, сўров сайловлар натижаларини прогноз қилиш, сайловчилар овозларини санаб чиқиш холислиги устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг электорал фаоллигини таҳлил қилиш имконини беради. “Эгзит-полл” деб номланган ижтимоий сўров дунёнинг кўплаб мамлакатлари жамоатчилик фикрини ўрганадиган тузилмалари амалиётида кенг қўлланилади. Ушбу усулга кўра, фуқаролар сайлов участкасидан чиққандан сўнг аноним ҳолда кимга овоз берганини маълум қилишади.

Амалиётда овоз бериш жараёни ҳали давом этаётган пайтда ҳам сўровнинг дастлабки натижалари эълон қилинади. Шубҳасиз, бу жамоатчилик фикрига муайян таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Шунинг учун ҳам сўнгги пайтларда сайлов натижаларига ноқонуний таъсир кўрсатишнинг бундай амалиётини танқид қилиш тобора кучайиб бораётгани тасодиф эмас. Айрим экспертларнинг маълум қилишича, сайловчиларнинг бир қисми ўз партияси ёки номзоди ҳақида салбий прогнозни билгач, сайловга бормасликка қарор қилади, чунки у бунда маъно кўрмайди. Овоз бериш расмий натижаларининг “эгзит-полл” натижаларидан фарқ қилиши айрим ҳолларда сайлов натижаларининг бекор қилинишига ва такрорий сайловлар ўтказилишига, жиддий сиёсий можароларга олиб келади.

Ўзбекистонда сайлов кампанияси пайтида жамоатчилик фикри сўрови натижаларини эълон қилиш тартибининг чегаралангани сайловчига ўз мустақил фикрини шакллантириш имконини беради. Бундан ташқари, ушбу чеклов овоз беришнинг яширинлиги принципини таъминлайди. Боз устига, сиёсий партиялар кузатувчилари ҳам, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари ҳам етарли даражада кенг ҳуқуқларга эга.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муҳим аҳамиятга эга бўлган яна бир чекловлардан бири бевосита овоз бериш кунидан олдин “жимлик куни” белгиланишидир. Мамлакатимизда шу кунларда сайловолди ташвиқоти қизғин паллага кирди. Айниқса, сайлов куни яқинлашгани сари ташвиқот тобора жадаллашмоқда. Номзодлар телевидение, радио орқали, босма оммавий ахборот воситалари саҳифаларида, интернетда ўз таклифларини илгари сурмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Жорий йилги Президент сайлови 4-декабрь куни бўлиб ўтишини инобатга оладиган бўлсак, 3-4-декабрь кунлари сайловолди ташвиқоти тақиқланади.

“Жимлик куни” сайловчиларга қайси номзодга мойиллигини мустақил аниқлаб олиш имконини беради. Бунда у сайловолди ташвиқотидан холи равишда босиқлик билан у ёки бу номзод учун овоз бериш мақсадида онгли қарор қабул қилади.

3-декабрь кириб келиши билан сайловолди ташвиқоти даври тугайди. Шу кундан эътиборан овоз бериш якунлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида, теле- ва радиоканалларда сайловолди ташвиқоти тақиқланади, бошқа турдаги сайловолди ташвиқотини олиб боришга йўл қўйилмайди.

Қонунчиликка биноан, “жимлик куни”гача номзодларга овоз беришга чақирадиган ташвиқот материаллари олиб ташланиши керак. Қонунда белгиланган тартибда жойлаштирилган босма ташвиқот материаллари — варақалар, плакатлар ва бошқалар жамоат гавжум бўладиган жойларда сақланмаслиги лозим. Бинолар, иншоотлар, ташқи реклама воситалари ва бошқа жойларга жойлаштирилган сайловолди ташвиқоти материаллари участка сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан олиб ташланади. Сайловолди ташвиқоти материалларини олиб ташлаш овоз бериш бошланишидан икки кун аввал соат 20:00 да бошланади ва овоз бериш кунига бир кун қолганида соат 06:00 да якунланади. Шундан келиб чиқиб, сайловга бир кун қолганда ҳеч бир жамоат жойида ташвиқот материали бўлмаслиги лозим.

Шу ўринда номзодларнинг автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги Марказий сайлов комиссиясининг ахборот материаллари сайловолди ташвиқоти материаллари ҳисобланмаслигини қайд этиш жоиз. Сайлов комиссиялари аъзолари партия рамзлари туширилган кийим кийиши, кўкрак нишони тақиши ва бошқа белгилардан фойдаланиши тақиқланади.

“Жимлик куни”да рухсат бериладиган ягона ташвиқот тадбири, бу — сайловчиларни овоз беришга чорлашдир.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 515-моддасида сайловолди ташвиқоти олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. Жумладан, сайловолди ташвиқоти олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қонунга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органлари ноқонуний сайловолди ташвиқоти фаолиятига барҳам бериш, ёлғон ва ноқонуний босма, кўргазмали, аудиовизуал ҳамда бошқа ташвиқот материаллари тайёрланишининг олдини олиш, уларни олиб қўйиш, ушбу материалларни тайёрлаганларни аниқлаш, шунингдек, аниқланган ҳолатлар ва кўрилган чоралар ҳақида тегишли сайлов комиссияларини зудлик билан хабардор қилиши керак.

Қонунчиликда бундай чекловларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши сайловчиларга овоз бериш куни арафасида ноқонуний таъсир кўрсатиш шаклидаги турли -суиистеъмолликларнинг олдини олади. Улар умумэътироф этилган халқаро стандартларга, шу жумладан, Венеция комиссиясининг сайлов масалаларига оид кодекси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳужжатлари, Инсонийлик мезони бўйича Копенгаген кенгашининг якуний ҳужжатига тўлиқ жавоб беради ва фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши принципини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

И. ТУЛЬТЕЕВ, Тошкент давлат юридик университети «Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви» кафедраси профессори, юридик фанлар доктори.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг