Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар, Адлия вазирлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчи мутахассислар иштирок этди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаси эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро тамойилларига мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган қонунчилик ривожланиб бормоқда. Сайлов жараёнида очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун қабул қилиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мантиқий давоми бўлди. Бош Қомусимизга киритилган ушбу ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан келиб чиқиб, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси саккизта моддадан иборат “Сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган VI боб билан тўлдирилди.
Сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқроқ амалга оширилиши, сайлов тизимини янада демократлаштирилиши, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, ишончли вакил ҳамда кузатувчининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқоти шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек,сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келади.
Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ сайлов комиссиялари ўз ваколати доирасида давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ва мансабдор шахслардан мустақилдир. Зеро, сайлов жараёнини қонуний, адолатли ҳамда сайловнинг барча иштирокчиларига тенг шароитларда ташкил этиш учун сайлов комиссияси аъзоларининг мустақил ҳолда иш юритишлари ғоят муҳим тамойил ҳисобланади. Унинг амалда таъминланмаслиги сайловларнинг демократик моҳиятига жиддий путур етказади.
Сайлов комиссияларининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорларини бажармаслик мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боисдан сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016-йил 7-октябрда Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан услубий тавсиялар тасдиқланди.
Мазкур тавсияларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, баённомани Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайловни ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари тузишлари мумкин. Баённома тузиш учун сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакилларининг аризалари, участка сайлов комиссияларининг хабарлари, фуқароларнинг аризалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситаларининг хабарлари асос бўлади.
Сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади.
Тадбирда эътироф этилганидек, сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши сайлов эркинлиги принципининг тўлиқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайловнинг очиқ-ошкоралиги принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.