Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-газ, геология, савдо-саноат, сармоя, банк-молия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат саноати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, алоқа ва ахборот технологиялари, фан-таълим, электр техникаси, сайёҳлик, меъморлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, суғурта, фармацевтика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, мазкур кенгаш ҳамраиси Э.Ғаниев, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши ҳамраиси Б.Ҳэй ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар кўплаб соҳалар қатори савдо, иқтисодиёт, енгил саноат, нефть-газ, озиқ-овқат саноати, қурилиш, сайёҳлик, фан-таълим, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ҳам изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, хусусан мамлакатларимиз ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида 1994 йили ташкил этилган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши мажлислари мунтазам ўтказиб келинмоқда. 2015-йил ноябрь ойида Лондонда бўлиб ўтган йиғилиш савдо, иқтисодиёт ва саноат соҳаларида қатор истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга кенг йўл очди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб бораётир. 2015-йилда Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 105,7 миллион долларни ташкил этди. Кимё ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида ҳамкорлик изчил ривож топмоқда.
Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик, даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, таълим, фан ва маданият ҳамда ҳаво транспорти алоқаси, сайёҳлик соҳаларига оид битимлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Анжуманда меҳмонларга мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларини муттасил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” эркин иқтисодий зоналарида иш юритиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, юқори технологиялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Иштирокчилар ушбу мажлис ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид қатор муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлганини таъкидлади.
– Буюк Британия Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада фаоллаштиришдан манфаатдор, – деди Барбара Ҳэй. – Мамлакатингиз бошқа соҳалар каби савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Бу каби тадбирлар Буюк Британия компанияларига Ўзбекистон бозори таклиф этаётган имкониятлар ва кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, фойдали мулоқот ва учрашувлар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини бермоқда.
Мажлисда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари, икки мамлакат ўртасида автомобилсозлик, ёқилғи-энергетика, тоғ-кон ва кимё саноати, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, электр техникаси, ахборот технологиялари, чиқиндиларни қайта ишлаш ва таълим каби қатор соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболлари, бу борадаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш омиллари, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада кенгайтиришга, юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди, деб хабар беради ЎзА.
Шу куни Халқаро ҳамкорлик марказида кооперация биржаси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг нефть-газ, энергетика, тоғ-кон, фармацевтика, консалтинг, аудит, таълим ва бошқа соҳаларга ихтисослашган ўттиздан ортиқ фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.