2021 йил 17 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги биносида Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак ва Беруний туманларида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича тендер ғолиби деб топилган Саудия Aрабистонининг «ACWA Power» компанияси билан қатор битимлар имзоланди.
2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида умумий қуввати 1000 МВт гача бўлган шамол энергия қувватларини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланган эди. Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа ҳамкорлик доирасидаги биринчи босқич ҳисобланади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки консултантлари кўмагида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мазкур лойиҳа устида ишлар олиб борилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича давлат-хусусий шериклик тамойили орқали тендер асосида амалга оширилган биринчи шамол станцияси лойиҳаси бўлади.
Жорий йилнинг 30 сентябр куни мазкур лойиҳа бўйича идоралараро тендер комиссияси томонидан «ACWA Power» (Саудия Aрабистони) компанияси энг паст тариф нархини таклиф этиб халқаро тендер ғолиби деб топилди.
Лойиҳа қиймати 108 миллион AҚШ долларини ва муддати 25 йилни ташкил этади. Мазкур лойиҳа доирасида:
- 110 мингдан ортиқ хонадонлар узликсиз электр энергия билан таъминланади;
- Йилига 400 миллион квт/с электр энергия ишлаб чиқарилади;
- 25 дан ортиқ илғор шамол турбиналари ўрнатилади;
- Қурилиш даврида 1000 га яқин янги иш ўринлар ва эксплуатация даврида 50 та доимий иш ўринлари яратилади;
- Табиий газни норационал ишлатиш (ёқиш) даражаси пасайтирилади ва экологик жиҳатдан тоза энергия ишлаб чиқаришга эришилади;
- Aтмосферага зарарли бўлган карбонат ангидрид (углекислый газ) газларининг чиқиши кескин камаяди (йилига 160 минг тоннагача).