Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 18/11/2016 Сарвар Отамуратовнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди
Сарвар Отамуратовнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 18-ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчилар билан онлайн видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилди.

Учрашувни Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи раҳбари Абдужаббор Сайдуллаев очиб берди ва айни пайтда сайловолди ташвиқоти жараёни қизғин паллага кирганлигини таъкидлади. Номзод ва унинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувлар орқали, партия ташвиқот гуруҳлари оммавий ахборот воситаларида Сарвар Отамуратовнинг сайловолди Дастурини қонунда белгиланган шакл ва усулларда кенг ташвиқот қилаётганлигини айтиб ўтди.

Номзоднинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Шуҳрат Насимов иштирокчиларга Сарвар Отамуратовни таништирар экан, унинг таржимаи ҳолига батафсил тўхталди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов сайловолди Дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод ўз сўзида, Тошкент вилояти ривожланган саноати, иқтисодиётни равнақ топишига имкон берувчи географик ўрни, улкан маъдан ва хом ашё заҳираси билан республикада алоҳида ўринга эга эканини таъкидлади. Вилоят меҳнаткашлари ўз фидоийлиги ва бунёдкорлик салоҳияти билан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиб келишаётганини эътироф этиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов бевосита сайловолди Дастурда белгиланган вазифаларга сайловчилар эътиборини қаратар экан, тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш масалаларига устувор аҳамият қаратилганини таъкидлади.

Хусусан, Дастурда мамлакатимизда миллий иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг аниқ механизмлари акс эттирилган. Номзод “Халқнинг маънавий-руҳий тикланиши — иқтисодий ислоҳотларнинг негизидир” тамойили остида Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги ошишида иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди.

Номзод учрашувда айтиб ўтганидек, бу борада ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштиришга эришиш лозим. Хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш орқали миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза этиш зарур.

Шунингдек, Сарвар Отамуратов миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда, замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзоднинг сайловолди Дастурида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, юксак маънавий-интеллектуал тараққиётга эришиш учун мамлакатни модернизация қилиш масаласига эътибор қаратилган.

Хусусан, миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш, ривожланган миллий ахборот макони – мустаҳкам тараққиёт пойдевори эканлигини ҳисобга олиб, уни изчиллик билан такомиллаштириш муҳим масала ҳисобланади. Зеро, бугунги ахборот глобаллашуви жараёнида миллий ахборот маконини шакллантириш, ҳимоя қилиш ва уни ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш мамлакатимизнинг стратегик манфаатлари билан ҳамоҳанг бўлган устувор вазифалардан биридир.

Учрашувда номзод мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Тошкент вилоятида ҳам маънавий-маърифий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, ўз ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этиш ҳамда фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ҳаётга татбиқ этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Номзоднинг сайловолди Дастури учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Сайловчилар Дастурда илгари сурилган вазифалар юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар.

Хусусан, учрашувда номзоднинг сайловолди Дастурини қўллаб-қувватлаб Олмалиқ шаҳар “Ҳунармандлар” уюшмаси раиси М.Ўлмасова, меҳнат фаҳрийси Н.Жўрабоев ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Учрашув сўнгида С.Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди.

ЎзМТДП Тошкент вилояти Кенгаши Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг