Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 05/11/2016 Сарвар Отамуратовнинг Наманган вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди
Сарвар Отамуратовнинг Наманган вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 5-ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратовнинг Наманган вилоятидаги сайловчилар ва кенг жамоатчик билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги сайловчилар билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилди.

Учрашувни Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов очиб берди ва айни кунларда сайловолди ташвиқоти жараёни қизғин давом этаётганини таъкидлади. Номзод ва унинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувлар орқали, партия ташвиқот гуруҳлари оммавий ахборот воситаларида Сарвар Отамуратовнинг сайловолди Дастурини ташвиқот қилаётганлигини айтиб ўтди.

Номзоднинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Одилжон Мамадалиев иштирокчиларга Сарвар Отамуратовни таништирар экан, унинг таржимаи ҳолига батафсил тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов сайловолди Дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Номзод ўз сўзида даставвал, меҳмондўст ва танти Наманган аҳли ўзининг бетакрор анъана ва қадриятлари билан азалдан шуҳрат қозониб келгани, вилоят меҳнаткашлари ўз фидоийлиги ва бунёдкорлик салоҳияти билан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиб келишаётганини эътироф этиб ўтди.

Номзод таъкидлаганидек, сайловолди Дастурда халқаро миқёсда эътироф этилган ва бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.

Наманган вилоятидаги Муғқалъа ва Ахсикент каби тарихий ёдкгорликлар, бундан икки минг йиллар аввал пишиқ ғиштдан бунёд этилган Косон-Ахсикент ер ости сув тармоғи аждодларимизнинг улкан ақл-заковати, юксак маданиятидан, вилоятнинг узоқ йиллик тарихидан дарак беради.

Шундан келиб чиққан ҳолда номзод ўз Дастурида халқимизнинг тарихий-маданий мероси ва маданий ёдгорликлари умумжаҳон аҳамиятига молик эканлигини эътироф этиб, шаҳарларимизнинг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, қайта таъмирлашга кўмаклашиш асосий вазифа эканлигини қайд этди.

Сайловолди Дастурда аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш – ижтимоий соҳадаги устувор стратегик мақсад сифатида белгиланганлигини таъкидлади.

Маълумки, бугунги кунда Наманган вилоятида 118 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи қишлоқ жойларида жойлашган. Бошқача айтганда, бугунги кунда ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг 70 минг нафарга яқини чекка қишлоқларда яшовчи ўғил-қизлар ташкил этади.

Шу нуқтаи назардан, эртамиз эгаларининг баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида Дастурда олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлардаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари учун имтиёзли транспорт қатновини таъминлаш вазифаси илгари сурилгани аҳамиятга молик.

Наманган вилояти азал-азалдан ўзининг қўли гул ҳунармандлари билан довруғ қозонган. Бугунги кунда айниқса, Чуст туманида минг йиллик тарихга эга бўлган пичоқдўзлик ва дўппидўзлик каби миллий ҳунармандчилик устоз-шогирд анъаналари асосида шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Миллий қадриятларимиз давомчилари бўлган ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Шундан келиб чиққан ҳолда Сарвар Отамуратов ўз Дастурида ўзбек халқининг юксак маданияти ва истеъдодини намойиш этадиган ва эстетик қимматга эга бўлган миллий ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, миллий бадиий мактабларнинг анъаналарини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шунингдек, Дастурда хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, туристик фаолият манзилларида, халқаро аэропортларда, вокзалларда кўрсатилаётган сервис ва хизматлар сифатини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Давлат дастурини қабул қилиш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган.

Номзоднинг сайловолди Дастури учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Сайловчилар сўзга чиқиб, Дастурда илгари сурилган вазифалар юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар. Сайловчилар айтиб ўтганидек, халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлигини, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга безавол етказишда номзод томонидан илгари сурилаётган ташаббус ва ғоялар эътирофга лойиқдир.

Учрашувда номзоднинг сайловолди Дастурини қўллаб-қувватлаб Наманган тумани Саломатлик маркази директори Саломатхон Арзиматова, вилоят рақобат бошқармаси бўлим бошлиғи, Абдусамад Тожибоев, Наманган шаҳар транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Юлдуз Раҳимова ва бошқалар сўзга чиқди.

Учрашув сўнгида С.Отамуратов иштирокчилар томонидан сайловолди Дастури юзасидан берилган бир қатор саволларга жавоб берди.

ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг