Туркистон саройида ўтказилган учрашувда шаҳарнинг барча туманларидан сайловчилар иштирок этди. Учрашувда Президентликка номзоднинг ишончли вакили Феруза Муҳитдинова йиғилганларга Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Президентликка номзод учрашувда дастлаб истиқлол йилларида пойтахтимиз — Тошкент йирик мегаполисга айланганлиги, улкан бунёдкорлик ишлари туфайли у гўзал қиёфа касб этаётгани, муҳташам бинолар, равон ва кенг кўчалар, кўприклар, обод маҳаллалар, жозибали фавворалар, улкан савдо иншоотлари пойтахтимиз чиройига янада чирой қўшаётгани ҳақида сўз юритди. Сўнг ўз сайловолди Дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Хусусан, номзод Дастурда миллий ўзликни англаш, миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, миллий ахборот маконини шакллантириш, ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш ва мақсадли илгари суриш каби долзарб вазифалар белгиланганини таъкидлади.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратов мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида келажагимиз эгаларини миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялаш, давлат тилини янада такомиллаштириш, маънавий-маърифий марказларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, оилавий қадриятларни ардоқлаш ва оилаларни мустаҳкамлаш лозимлигига алоҳида урғу берди.
Ўзбекистонда умумжаҳон аҳамиятига молик бўлган жуда кўплаб тарихий-маданий ва архитектура ёдгорликлари мавжуд. Музейлар, архивлар ва кутубхоналарда қимматли қўлёзмалар, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари сақланмоқда. Бундай улкан тарихий меросни асраб-авайлаш ва ҳисобга олиш бўйича муайян ишлар қилинган бўлса-да, ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳали бир қатор маданий мерос объектларимиз ҳисобга олинмаган, экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатлари тўлиқ тоифалаштирилмаган.
Ана шулардан келиб чиқиб, номзод маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш талаб этилади, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов Тошкент шаҳар сайловчиларини Дастурда белгиланган устувор вазифалар билан батафсил таништирар экан, “Баркамол авлод — миллат таянчи” тамойили остида ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг қалби ва онгига миллий тикланиш ғоясини сингдириш, миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашни янада кучайтириш лозимлигини эътироф этди. Номзод бу борада кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ва илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларни яратиш таклифини берди.
Учрашувда “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод баркамол авлод тарбияси ҳақида гапирар экан, ёшларнинг маънавий камолоти билан бир қаторда уларнинг жисмонан етуклигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Яқинда олимпиадачиларимиз ва паралимпиадачиларимиз эришган оламшумул ғалабалар бутун халқимиз ва миллатимизнинг ғурурини осмон баробар кўтариб, фуқароларимиз қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғуларини уйғотганини таъкидлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, номзод “Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт қудратли бўлур” шиори остида мамлакатимизда кенг қулоч ёйган ва умуммиллий вазифага айланган болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш, спортнинг барча турлари, айниқса, Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган ҳамда миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзбек курашини Олимпия ўйинлари қаторига киритиш даркор, деб ҳисоблайди.
Сарвар Отамуратов Дастурнинг бошқа соҳаларига ҳам батафсил тўхталди. Дастурда белгиланган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувда таъкидланганидек, Дастурда қайд этилган устувор йўналишларни амалда рўёбга чиқариш мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимизнинг бундан буён ҳам гуллаб-яшнашига хизмат қилади.
Номзоднинг Дастурини қўллаб-қувватлаб Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги академик лицей директори Н.Умарова, Тошкент Архитектура қурилиш институти ўқитувчиси Ў.Шакаров, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси М.Ашурова ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Учрашув сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди. ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши Ахборот хизмати