Валюта курслари 18/11/2024
$1 – 12812.30
UZS – 0.1%
€1 – 13532.35
UZS – 0.49%
₽1 – 128.37
UZS – -0.5%
Қидириш
Ўзбекистон 24/11/2016 Сарвар Отамуратов Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди
Сарвар Отамуратов Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 23-ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи раҳбари Б.Мамажонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Назарқосимов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Жиззах вилояти ўзининг гўзал ва бетакрор табиати, бой табиий ресурслари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигидаги улкан салоҳияти билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Вилоятда 2010-йилдан буён ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробар ўсди. Кейинги беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,9 марта кўпайиб, ялпи ҳудудий маҳсулотда унинг улуши 17 фоиздан 21 фоизга етди.

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Охирги беш йилда 4 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 8 минг 500 тага етди. Бугунги кунда ушбу соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 80 фоизни, экспортдаги ҳиссаси 87 фоизни ташкил этмоқда.

Президентликка номзод ўз сайловолди дастурида “Баркамол авлод – миллат таянчи” шиори остида ёш авлодни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш вазифаси белгиланганини таъкидлади. Жиззах давлат педагогика, политехника институтлари ҳамда Жиззах авиация олий ҳарбий билим юрти етук мутахассис кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Дастурда замонавий билим ва малакага эга муҳандис-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш ва мазкур соҳаларда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, тарихий ва маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва ободонлаштиришга қаратилган вазифалар муҳим ўрин эгаллайди.

Вилоятда 372 маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 42 таси тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, 267 таси археологик, 63 таси монументал ёдгорликлардир. Бу бебаҳо меросни кўз қорачиғидек асраш ва келгуси авлодларга етказиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда Жиззах давлат педагогика институти хорижий тиллар факультети декани А.Маматов, Бахмал қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари М.Норқўзиева, “Келажак бунёдкори” газетаси мухбири У.Пўлатова номзоднинг дастури юзасидан фикр билдирди. Сайловчиларни 2016-йил 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг