Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Москва шаҳридаги муҳташам «Лужники» Олимпия комплексида самбо бўйича жаҳон кубоги старт олди. Мусобақанинг биринчи кун баҳслари терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтди.
Спортчиларимиз ушбу кун доирасида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини жамғаришди. Зафар Аллаберганов (-68 кг, жанговор самбо) ҳамда Сирожиддин Анорқулов (-57 кг, жанговор самбо) барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлишган бўлса, Бекзод Нурматовга (-82 кг, жанговор самбо) ҳал қилувчи беллашувда омад етишмади. Шунингдек, Улуғбек Раҳмонов (-82 кг), Зуҳрахон Маъмуржонова (-52 кг) ҳамда Тимур Худойқулов (-68 кг) ўз вазнларида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилишди.
Шу тариқа самбочиларимиз биринчи кунни 6 та медаль билан якунладилар. Эртага мусобақанинг иккинчи кун доирасида яна бир нечта умидли спортчиларимиз иштирок этиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси.