Самарқандда ош фестивали бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида 1-3 август кунлари Самарқандда илк бор “Самарқанд оши” фестивали ўтказилади. Бу ноёб ошпазлик тадбирида бутун дунёдан келган ошпазлар, сайёҳлар ва шарқ ошхонаси мухлислари мамлакатнинг бой гастрономик меросини биргаликда тарғиб этадилар.
“Самарқанд оши” фестивали меҳмонларини 200 дан ортиқ ош усталарининг мусобақалари, таниқли ошпазларнинг маҳорат дарслари, ҳунармандчилик ва ширинликлар кўргазмалари, шунингдек, ўзбек эстрадаси юлдузларининг концертларидан иборат бой маданий дастур кутмоқда. Хорижлик ошпазлар беллашуви ва “Боқий шаҳар” мажмуасида 7 тонна Самарқанд ошининг тайёрланиши алоҳида эътиборни тортади.
Фестиваль нафақат таъм байрами, балки Ўзбекистонни гастрономик туризм маркази сифатида тарғиб қилишда муҳим қадам бўлади. Бу сайёҳлар учун қадимий Самарқандни кашф этиш ва шарқона меҳмондўстлик муҳитидан баҳраманд бўлишнинг ажойиб имкониятидир.