Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шоҳрух Гуламов Самарқанд шаҳрида 25–26 сентабр кунлари бўлиб ўтадиган ОИИБ Бошқарув Кенгашининг “Барча учун барқарор инфратузилмани яратиш” мавзусидаги 2024-йилги 9-Йиллик йиғилишининг анонс қилишга қаратиллган анжуманда иштирок этди.
Ўзининг табрик сўзида Шоҳрух Гуламов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг Йиллик йиғилиши Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг АИИБ билан алоқаларнинг мустаҳкамлиги ва банкнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмавий ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш, “яшил энергия” объектларини жорий қилиш ва бошқа соҳалардаги роли муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) халқаро молия институти ҳисобланади. Банкнинг вазифаси Осиё ва ундан ташқарида инфратузилмани молиялаштиришдан иборат. Банк ўз фаолиятини 2016 йилда бошлаган. Бугунги кунда 109 дунё мамлакатлари унга аъзо давлатларга айланди. Банк капиталлашуви 100 миллиард долларни ташкил этади ва асосий халқаро кредит рейтинг агентликлари ОИИБга ААА рейтингини берган.
Учрашув давомида ОИИБ вакиллари томонидан Банкнинг сиёсати ва стратегияси, инвестиция операциялари, хусусан, Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги фаолияти, шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Йиллик йиғилиш бўйича тақдимотлар ўтказилди. Маърузачилар 50 дан ортиқ панель мунозаралари, давра суҳбатлари, йирик лойиҳалар тақдимотлари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўз ичига олган тадбир дастурига батафсил тўхталиб ўтдилар. Унда 100 дан ортиқ маърузачилар – 109 давлатдан халқаро экспертлар, йирик компаниялар, молия институтлари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, ОИИБ витсе-президенти ва корпоратив котиби Люджер Шукнехт Банк Бошқарув Кенгашининг 9-Йиллик йиғилишини ташкилий ва мазмунан юқори даражада ўтказиш имконини берган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди. Жорий лойиҳалар биргаликда муваффақиятли якунланиши ва янги ташаббусларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.