Тадбир ўзбекистонлик ва хитойлик тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилганди. Мазкур бизнес-форумга Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Шэньси (ХХР) провинциясининг Хитой халқаро савдони ривожлантиришга кўмак қўмитаси ташкилотчилик қилишди.
Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга Хитойдан делегация ташриф буюрди. Делегация таркибидан текстиль, тикувчилик, тиббиёт, электротехника, муқобил қувват манбаи, дори-дармон ва шифобахш гиёҳлар, телекоммуникация ва АКТ, машинасозлик, қурилиш, фармацевтик, озиқ-овқат, кимё ва бошқа соҳаларда ишлаб чиқарувчилар ўрин олган эди.
Шу ўринда ўзаро савдо ҳажмининг ўсаётганлигини қайд этиш жоиз. Жумладан, 2016-йилнинг январь-апрель ойларидаги товарайирбошлаш 1,43 млрд. АҚШ долларини, жумладан, экспорт – 741,6 млн. АҚШ доллари ва импорт – 691,6 млн. АҚШ доллари ташкил этди.
Бугун Ўзбекистон ва ХХР айниқса юқори технологиялар соҳасидаги турли лойиҳаларни амалга ошириш борасида фаол ҳамкорлик қилишмоқда.
Республикада Хитой капитали иштирокидаги 651 та корхона фаолият кўрсатяпти, жумладан, 90 та корхона 100 фоиз Хитой капитали билан ташкил этилган, бундан ташқари Хитойнинг 75 та етакчи фирма ва компанияларининг ваколатхоналари ҳам мавжуд.
Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ва кредитлари 6,5 млрд. АҚШ долларидан ортиб кетди.