Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 12/07/2016 Самарқандда ишбилармон ёшлар танлови ўтказилди
Самарқандда ишбилармон ёшлар танлови ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Самарқандда Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан O‘zLiDePнинг “Ишбилармон талаба - 2016” стипендияси кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

“Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилган танловнинг туман ва шаҳар босқичларидан сараланган 60га яқин ёшлар тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмасини қай даражада ўзлаштиргани, замонавий ахборот ва компьютер технологияларидан фойдаланиш борасидаги билими, етакчилик қобилиятини намойиш этди.

- Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда партиямиз ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Ботиров. - Жумладан, ёшларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмасини мунтазам рағбатлантириб бориш партия дастурининг устувор йўналишларидан саналади. Бу борада ўнлаб лойиҳалар мавжуд. “Ишбилармон талаба” кўрик-танлови ҳам бўлажак ёш тадбиркорларнинг иқтисодий билимини мустаҳкамлаш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни бизнес оламига олиб киришга кўмаклашишга хизмат қилмоқда.

Ушбу танлов ёшларни тадбиркорликка оид тажриба, билим-кўникмаларини бойитишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Эътиборлиси, танловнинг ўтган йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичлари доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 600 нафар ўқувчилари иштирок этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 720 нафарга етди.

2004 йилдан буён ўтказилаётган мазкур танлов давомида самарқандлик 33 нафар йигит-қиз “Ишбилармон талаба” стипендиясини кўлга киритди. Иштирокчиларнинг 5 мингдан ортиғи айни вақтда тадбиркорлик, фермерлик ва касаначилик билан шуғулланмоқда.

Танлов иштирокчилари ўзлари тайёрлаган маҳсулот ва ҳунармандлик буюмлари кўргазмасини намойиш этиб,бизнес-режа ва лойиҳалар тақдимотини ўтказди. Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга оид суҳбат ва савол-жавоблар орқали соҳага доир билимини мустаҳкамлади. Иштирокчилар, соҳа мутахассислари томонидан ўз лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича бир қатор таклифлар олди.

- Танловда биринчи марта иштирок этаяпман. Бугунги танлов ҳаётда эришган даслабки, ютуқларимдан бири, - дейди Булунғур миллий ҳунармандлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Мўъжизахон Ҳошимова. - Ёшлигимдан тикувчилик сирларини ўрганиб келаман. Ҳозирда турли хилдаги кийим-кечаклардан иборат коллекциямни яратганман. Ҳозирда кредит олиб, ўқув маркази очиб фаолиятимни кенгайтириш ҳаракатидаман. Келажакда етук модельер-дизайнер бўлмоқчиман.

Оқдарё хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Баҳодир Раҳматов, ҳамда Самарқанд миллий ҳунармандлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Акобир Камолов ғолиб деб топилди ва танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

- Халқ амалий саънати, хусусан, қадимий ҳунармадчиликнинг муҳим йўналишларидан бири – ёғоч ўймакорлигига ҳавас менда анча эрта ўйғонди дейди, - танлов ғолиби, Баҳодир Раҳматов. - Олти йилдан буён устозим Фарҳод Ўроқовдан ёғоч ўймакорлиги сирларини ўрганмоқдаман. Ёғочдан йигирмадан ортиқ турдаги турли буюмлари ясайман. Коллежни битирганимдан сўнг шу йўналиш бўйича тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўймоқчиман.Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, ушбу танлов мақсадимга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Тадбирда иштирок этган мутахассисилар “Ишбилармон талаба” танловининг Самарқанд вилоят босқичини билимлар беллашуви, дея эътироф этдилар. Танлов кутилгандек, дўстона рақобат, кескин ва муросасиз мунозаралар руҳида ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг