Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 15/10/2022 Самарқандда Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди
Самарқандда Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

14-15 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) кўмагида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд Давлат университети томонидан ташкил этилган "Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар" мавзусида IV халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Йирик илмий форум ҳар йили 16 октябрь, ФАО ташкил топган санада нишонланадиган Бутунжаҳон озиқ-овқат кунига бағишланди. Ушбу сана глобал ҳамжамиятни озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш ва дунёдаги очликни йўқ қилиш учун биргаликда ишлашга ва барча учун яхшироқ, барқарор келажакни яратишга чақиради.

Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида Бутунжаҳон озиқ-овқат куни муносабати билан турли тадбирлар – озиқ-овқат ярмаркалари, кўргазмалар, турли танловлар, фестиваллар, илмий конференциялар ўтказилади. Ушбу тадбирларларнинг мақсади очлик ва тўйиб овқатланмаслик каби глобал муаммоларни ҳал қилиш учун нима қилинганлиги ва қилиниши кераклиги ҳақида фикр юритиш мақсадида кенг жамоатчиликнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати тўғрисида хабардорлигини оширишдан иборатдир. Самарқандда Бутунжаҳон озиқ-овқат куни шарафига халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш аллақачон яхши анъанага айланган. Ҳар йили форумда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун олимлар, профессорлар, халқаро ташкилотлар ва дунёнинг етакчи таълим муассасалари вакиллари тўпланади.

Бу йилги анжуманда Германия, Қозоғистон, Покистон, Россия, АҚШ ва Тожикистондан 30 нафар соҳа вакиллари, шунингдек, 240 дан ортиқ маҳаллий мутахассис ва олимлар иштирок этди. Иштирокчилар томонидан қизғин муҳокамалар билан кечган маърузалар ва тақдимотлар қилинди, кўплаб қизиқарли ғоя ва фикрлар билдирилди, ёрқин фактлар ва илмий изланишларнинг янги натижалари тақдим этилди. Жумладан, Вашингтон университети профессори Томас Лампкин (АҚШ) "Иқлим ўзгариши ва агроэкотизимларнинг маҳсулдорлиги" мавзусида, Қаид-и Азам Университети профессори Муҳаммад Зафар (Покистон) "Ёввойи меваларнинг парҳез бирикмаларини таҳлил қилиш ва уларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарорлигига қўшган ҳиссаси" мавзусида маъруза қилди. Ўз навбатида, Санкт-Петербург биотехнология ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш Олий мактаби директори Юлия Базарнова (Россия) "Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янги таълим технологиялари" ҳақида гапирди. 

Конференция қуйидаги бўлимларда иш олиб борди: "Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон ва жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш Концепциясини амалга оширишнинг муҳим масалалари ва муаммолари", "Ноқулай минтақаларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланишнинг устувор йўналишлари", "Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда замонавий био- ва агротехнологиялардан фойдаланишнинг аҳамияти", "Овқатланиш соҳасидаги замонавий тадқиқотлар " ва "Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси".

Шунингдек, анжуман доирасида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд Давлат университетининг бакалавриат ва магистратура талабалари ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги энг яхши инновацион тадқиқот ишлари учун танлов ўтказилди. Анжуман якунида ғолиблар аниқланиб, дастлабки уч ўрин соҳиблари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан мукофотландилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг