Тарих фанлари доктори (ЖИДУ) Раъно Турсунова: Самарқанд — ҳотиржамлик ва тинч мулоқот тимсоли
Бугун дунёнинг кўплаб етакчилари Самарқандга умид кўзи билан қарамоқда.
Халқлар ўртасидаги ишонч йўқолиб бораётган асабий глобал кун тартибида Маданиятлар чорраҳаси деб аталган шаҳар эшитишга, энг муҳими, ўз суҳбатдошларини тинглашга тайёр бўлган ҳар бир инсонга ўз меҳмондўстлигини тақдим этмоқда.
Бизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлашиш ва биргаликда яшаш учун қўшма режа ишлаб чиқиш зарур. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунёнинг тенг ярмидир ва бу инсониятнинг иккинчи ярмида ҳаракатлар уруш томон эмас, тинчлик томон бўлаётганлигига умид уйғотади.
СМТИ эксперти Марат Аитов: Ўзбекистонда минтақавий ярашув ва эски можароларга ечим топиш бўйича амалий тажриба мавжуд
Евроосиё давлатлари раҳбарларини Самарқандда ШҲТ саммитига йиғаётиб, Ўзбекистон фақат умумий декларациялар ва қуруқ баёнотлар билан чекланиб қолинишини истамайди. Биз бутун дунё эътиборини Марказий Осиёнинг минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш тажрибасига қаратмоқчимиз. Бизда таклиф қилиш учун кўп ғоялар бор.
Қаранг, бундан бор-йўғи 10 йил аввал минтақамизнинг бешта давлатлари орасида муносабатлар жуда таранг эди. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза режими мавжуд эди. Мамлакатлар ўртасидаги унчалик соғлом бўлмаган рақобат туфайли кўплаб сув, транспорт ва бошқа трансчегаравий масалалар фалаж бўлиб қолгани айни ҳақиқат эди.
Биз бу масалаларга энг қисқа муддатда ечим топишга ҳамда барча муаммоларни енгишга муваффақ бўлдик. Эндиликда Марказий Осиё минтақаси постсовет ҳудудида муваффақиятли ҳамкорлик ва тинчликка мисол бўла олади. Бу ҳақиқат. Агар биз бунинг уддасидан чиқа олган бўлсак, бошқалар ҳам эплай олади. Ўз фаровонлигингиз йўлида айрим хоҳиш-истакларингизни тия билишингиз даркор.
ХМАТМ эксперти Шаҳло Камаладинова: Самарқанддан маданий мулоқот ва ўзаро тушунишни ўрганиш мумкин
ШҲТ саммитини ўтказиш учун кўҳна Самарқанд бежиз танлангани йўқ. Шаҳар кўплаб империялар ва давлатлар даврида гуллаб-яшнади, у ўнлаб босқинчилар қиличи остида омон қола билди ва фақат бойроқ ва гўзалроқ бўла олди. Нега шундай? Самарқандда қўшнилар ҳам гуллаб-яшнагандагина фаровонликка эришиш мумкинлигини яхши билишарди. Чинакам бойлик – бу барча масалалар музокаралар столида ҳал этилишида. Бу – win-win ҳолати. Буни Самарқандда минг йиллар олдин тушунишган. Уруш доимо вайронагарчиликка олиб келади, ҳатто ғолибни ҳам.
Биз бу тажрибани қолганлар билан ҳам баҳам кўрмоқчимиз. Бир қаранг, Самарқандда, умуман олганда Ўзбекистон заминида турли маданиятлар, турли эътиқод вакиллари бир тану бир жон бўлиб яшаб келишмоқда. Ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, қозоқлар, туркманлар, руслар, украинлар, яҳудийлар, арманлар, озарбайжонлар, эронийлар. Мусулмонлар ва насронийлар, католиклар ва протестантлар, суннийлар ва шиалар. Бу рўйхатнинг адоғи йўқ.
Умид қиламизки, “Самарқанд руҳи” барча ихтилофларга чек қўйишга, ярашиб олишга кўмаклашади. Ўзбекистон ШҲТ саммитида нафақат Евроосиёда, балки бутун сайёрамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга хизмат қиладиган кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинишига чин дилдан умид қилади.
ХМАТМ эксперти Шуҳрат Иргашев: ШҲТ дунёда ҳеч ким билан курашмаяпти, ШҲТ жаҳон муаммолари билан курашмоқда
Шанхай ҳамкорлик ташкилотини мавжуд блокларга “қарши” тузилган ўзига хос “муқобил блок” деб ўйлаш жуда нотўғри бўлади. Масалан, НАТО, ЕИ, КХШТ, ЕИИ ёки бошқаларга қарши эмас. Бу мутлақо нотўғри. ШҲТ ҳеч қачон ҳарбий блокга айланмайди, у геосиёсий баёнотлар бермайди, ҳеч ким билан қарама-қаршиликка бормайди.
ШҲТ қаергадир қўшин юборганлигини ҳеч эшитганмисиз? ШҲТ баъзи мамлакатлардан ўз ҳудудини, сиёсий тизимини ўзгартиришни, сайловлар ўтказишни талаб қилаётгани ҳақида хабарлар ҳеч қулоғингизга чалинганми? Йўқ. Бу ҳеч қачон содир бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Келажакда Европа давлатлари ШҲТга аъзо бўлиши мумкинми? Америкадаги давлатлар? Африка мамлакатлари? Албатта, ҳамкорлик қилишни истаган ҳар қайси давлатлар учун эшикларимиз очиқ.
ШҲТ дунёда ҳеч ким билан урушмаяпти. ШҲТ глобал муаммоларга қарши курашмоқда. Буларнинг аксариятини ҳамкорликсиз ҳал қилиб бўлмайди. Иқлимнинг ўзгариши. Қашшоқлик. Очлик. ШҲТнинг асл “душманлари” мана шулар. Ҳақиқий кураш айнан шуларга қарши қаратилган.
ИСМИ эксперти Баҳромжон Сотиболдиев: Афғонистонга бошқача назар ташлаш фурсати етди
ШҲТ саммитида муҳокама қилинадиган муҳим мавзулардан бири – Афғонистон муаммоси. Жаҳон ҳамжамияти мазкур давлатга турлича ёндашувларни қўллаган. Энг қудратли мамлакатлар, кучлар, мафкуралар. Аммо ҳеч ким муваффақиятга эриша олмади.
Биз ўтмиш учун ҳеч кимни танқид қилмаймиз. Биз Афғонистондан юз бурмасликни, ушбу диёр учун жамоавий масъулиятни ўз зиммамизга олишни таклиф қиламиз. Уларни қанча узоқ ёлғиз қолдирсак, кейин бу мамлакатни жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли ва ривожланаётган аъзосига айлантириш шунча қийин кечади.
Биз Афғонистоннинг барча қўшниларига мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш ва унинг минтақавий интеграцияси бўйича ягона стратегия ишлаб чиқишни таклиф қилмоқдамиз. Самарқанддаги ШҲТ саммити бунинг учун энг маъқул макондир, чунки барча асосий иштирокчилар бир стол атрофида йиғиладилар.