Россия Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилиши якунларига кўра Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Учрашувда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников, унинг ўринбосари Дмитрий Вольвач ҳамда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иштирок этди.
«Музокаралардаги асосий йўналишлардан бири Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масаласи бўлди. Россия томони 2025 йилдан 2034 йилгача бўлган давр учун кафолатли харид шартлари билан маҳаллийлаштиришга мўлжалланган дори воситалари рўйхатини тайёрламоқда», — дейилади Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотида.
Лойиҳа минтақада фармацевтика маҳсулотларининг барқарор етказиб бериш тизимини шакллантириш, технологик кооперацияни рағбатлантириш ва Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги саноат базасини мустаҳкамлашга қаратилган.
Томонлар мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши ўзаро инвестициялар ўсишига хизмат қилиши ҳамда республикада тиббий инфратузилмани модернизация қилишга ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар.