Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Новосибирск ва Москва (Россия) шаҳарларида ота-она қарамоғисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар берди Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати.
Болалар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ётқизилиб, сўнг ота-оналарига топширилди.
Аниқлик киритилишича, вояга етмаганлар ота-онасининг яқин қариндоши томонидан берилган ишончнома асосида Россияга кетишган.
Бироқ, Россияда ишончнома қонуний кучга эга эмаслиги сабабли, болалар ота-она қарамоғисиз қолган деб тан олинган.
“Инсон” ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларида Ўзбекистонга қайтган болалар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатилмоқда.