"Роскачество" ва "Ўзтест" органик маҳсулотларни стандартлаш бўйича ҳамкорлик қилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — "Роскачество" ва Ўзбекистон Илмий синов ва сифат назорати маркази ("Ўзтест") ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Бу ҳақда "Роскачество" матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу меморандум Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо жараёнларини соддалаштириш ва экологик тоза маҳсулотларга истеъмолчилар ишончини оширишга қаратилган.
Келишувнинг асосий мақсади — органик ишлаб чиқариш соҳасида миллий стандартларни уйғунлаштиришдан иборат. Бу эса келгусида мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш имконини беради, маъмурий тўсиқларни камайтиради ва икки давлат бизнеси учун янги имкониятларни очади.
Ҳужжатга "Роскачество" раҳбари ўринбосари Александр Чумак ва "Ўзтест" директори Жавлон Қаттаҳўжаев имзо чекди.
Келишув доирасида мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, семинарлар, тренинглар ва стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштириш соҳаларида конференциялар ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳамкорлик ўзбек мутахассисларига халқаро амалиётларга чуқурроқ интеграциялашишга, россиялик экспертларга эса Марказий Осиё мутахассислари билан мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳужжат қонунчилик янгиликлари ва техник ҳужжатлар бўйича ахборот алмашинувини ҳам назарда тутади. Бу эса талаблар ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайди.
Алоҳида эътибор лаборатория синовлари соҳасидаги ҳамкорликка қаратилган. Ўзбекистондаги лабораториялар Россияда квалификацияни тасдиқлаш учун озиқ-овқат, тўқимачилик ҳамда атир ва косметика маҳсулотлари бўйича лабораториялараро таққослаш синовларида иштирок этиши мумкин бўлади. "Бу тадқиқотларнинг аниқлигини оширади ва узоқ муддатда икки мамлакат учун ягона методологик базани яратишга ёрдам беради", — дейилади "Роскачество" хабарида.