Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ҳукумат қарори (237-сон, 20.03.2019 й.) билан бир қатор республика кўрик-танловларини ўтказиш бўйича низомлар тасдиқланди.
“Халқ чолғулари ижрочилари” республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги;
Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги;
Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
Қарор билан тасдиқланган мазкур низомларга мувофиқ, ҳар бир кўрик-танловда иштирок этиш ва уларни ўтказиш шартлари белгиланди.
Шунга кўра:
“Халқ чолғулари ижрочилари” танлови – жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта июнь ойида Тошкент шаҳрида;
Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” танлови – жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида;
Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танлови – 2020 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Танлов ғолиблари ҳар бир йўналиш бўйича диплом, статуэтка ва энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, низомга кўра “Ёш мақом ижрочилари” танловининг мақом ансамбли бўйича ғолиблари тегишли тартибда энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 70 бараваригача пул мукофоти билан тақдирланади.
Маданият вазирлиги танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.
Манба: Адлия вазирлигининг телеграмдаги “Хуқуқий ахборот” канали.