Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб Республика ишчи гуруҳи бошчилигида «Обод маҳалла - обод кўча - обод хонадон» дастури доирасидаги кенгқамровли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари жадаллик билан амалга оширилмокда.
Бевосита ушбу жараёнга Президент маслаҳатчиси ўринбосари бошчилигида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Халқ қабулхоналарининг масъул ходимлари, 15 та республика вазирлик ва идоралари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар секторлари, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари жалб этилган.
Бу борадаги ишлар самарадорлиги эса Фарғона вилоятининг олис Сўх туманида ҳам бугун мазкур ҳудуд аҳолисини мамнун этмоқда. Хусусан, Республика ишчи гуруҳи масъуллари иштирокида туманнинг 15 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ва 8 та объектлар фойдаланишга топширилди.
Жумладан, ички йўллар қуриш ва таъмирлаш бўйича режадаги 11 та объектдан 45 км асфальтлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди, қолган 2 та обектларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича 1 та объект, «Гулистон» МФЙ ҳудудига янги 6.6 км тармоқ тортиш, 2 дона трансформатор ва 221 дона темирбетон таянчларни ўрнатиш ишлари бажарилиб, якунига етказилди.
Суғориш сув таъминотини яхшилаш бўйича 1 объект, «Қизилқиёқ» МФЙ ҳудудига суғориш сув тармоқларни тортиш объектида қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, тармоқ тортиш ишлари якунланди ва янги насос урнатилиб фойдаланишга топшириш арафасида.
Аҳоли мурожаатидан келиб чиқиб, ижтимоий аҳволи оғир бўлган Тўхтаназаров Равшан ва Тухтасинов Раҳматжонларнинг уй-жойлари таъмирланиб, ўз эгаларига фойдаланиш учун топширилди.
Шу билан бирга аҳоли вакилларини иш билан таъминлаш, бандлик масалаларига ечим топишдек ишлар амалга оширилмокдаки, адирликларда минг – минг гектарлаб ерларнинг ўзлаштирилиши, уларга сув чиқарилиб, экин майдонлари барпо этилиши ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ишлари борасидаги энг йирик лойиҳаларга айланмокда.
Хусусан, Калча кишлоғи яқинидаги Жавпая адирликларида минг гектар, Демирсад қишлоғи яқинидаги Қайроқ массивида яна 1,5 минг га ер майдонлари ўзлаштирилиши, уларда ўрикзор ҳамда малиназор плантациялар яратилиши бунинг исботи, албатта.
Халқ қабулхонаси, секторлар раҳбарлари, аҳоли ўрамларидаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар фаоллари ўрганишлари асосида бу ер майдонлари эндиликда ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламларига 50 сотихгача ажратиб берилмоқда. Ёз палласи ниҳоялар экан, ер эгалари улардан ўзларининг дастлабки хосилларини ҳам олмоқдалар.
Дарҳақиқат, бугун Сўхда ҳам барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканларга айланмоқдаки, натижада обод ва намунали хонадон, кўчалар, маҳаллалар сони ортиб бормокда.
Пировардида юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка булган интилиши кучаймоқда.
Ободлик бор жойда эса ҳамиша файзу – барака, тараккиёт балқ ураверади.