Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 30/07/2018 Республика иқтисодиётидаги ҳолат I чоракка нисбатан яхшиланди
Республика иқтисодиётидаги ҳолат I чоракка нисбатан яхшиланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг II чорагидан бошлаб, Марказий банкнинг таҳлилий ва тадқиқотлар базасини ривожлантириш, пул-кредит сиёсати чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фойдаланиш мақсадида иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг жорий иқтисодий ҳолати ва истиқболдаги кутилмаларини ўрганиш юзасидан даврий (чораклик) сўровнома ўтказиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар беради.

Жорий йилнинг II чораги якуни бўйича ўтказилган сўровнома натижалари умуман олганда мазкур чорак мобайнида республика иқтисодиётидаги ҳолатнинг I чоракка нисбатан яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, сўровномада қатнашган корхона ва ташкилотларнинг катта қисми сўнгги чорак давомида маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмларининг, шу жумладан экспорт ҳажмларининг ошганлигини ҳамда иш ўринлари сонининг кўпайганлигини маълум қилган.

Ўз навбатида, сўровнома натижалари иқтисодиётда ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланилишига ҳамда ишлаб чиқаришнинг янада кенгайтирилишига тўсқинлик қилаётган омилларнинг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, сўровномада қатнашган кўплаб корхона ва ташкилотлар ишлаб чиқариш ва тадбикорлик фаолиятини юритиш билан боғлиқ хатарларнинг (тўсиқлар, муаммоларнинг) сақланиб қолаётганини, табиий газ ва электр энергияси таъминотида ҳамда инфратузилма объектларидан (автомобиль ва темир йўллар, сув ва канализация тармоқлари ва бошқалардан) фойдаланиш борасида муаммоларнинг мавжудлигини маълум қилган.

Сўровнома натижалари респондент корхона ва ташкилотларнинг катта қисмида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасининг 80 фоиздан, кўпгина корхоналарда 50 фоиздан ҳам пастлигини кўрсатди. Бу эса мамлакат ялпи ички маҳсулотининг амалдаги ҳажмининг унинг потенциал ҳажмидан паст эканлиги англатади.

Шунингдек, сўровнома натижалари жорий йилнинг II чорагида иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион фаолликнинг нисбатан суст даражада шаклланганлигини кўрсатди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг