“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳолисини 705 минг тонна маҳаллий кўмир ёқилғиси билан таъминлаш режалаштирилган. Амалда 1 ноябрь ҳолатига 586 минг тоннадан зиёд маҳсулот юклаб жўнатилди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан қарийб 290 минг тоннага кўпдир. Бошқача айтганда, 2020 йил давомида жамият томонидан аҳолига шунча ҳажмда кўмир етказиб берилган эди. Жорий йилда ушбу кўрсаткичга эришиш учун 9,5 ой кифоя қилди. Айни кунларга аҳолига кўмир етказиб бериш тасдиқланган йиллик режасини 1 декабрга қадар бажаришнинг барча чоралари кўрилмоқда.
Шу муносабат билан 2021 йилнинг 4 ноябрь куни “Ўзбеккўмир” АЖга пресс-тур ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон кўмир саноати республика ёқилғи энергетика мажмуининг муҳим таркибий қисми бўлиб, “Ўзбеккўмир” АЖ етакчи кўмир ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхона ҳисобланади. Жамият таркибида уста кондан йилига ўртача 4 млн. тонна кўмир қазиб олинади ва тайёр маҳсулот тўлиғича республика ички эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилмоқда. Бинобарин, республика иқтисодиёт тармоқлари, бюджет ташкилотлари ҳамда аҳолининг кўмир маҳсулотига бўлган талаби йилдан-йилга ўсиб, ҳисоб-китоблар бўйича ушбу эҳтиёжлар − 6 млн. тоннани ташкил қилади.
Жамиятда ана шу талаб-эҳтиёжларни инобатга олиб кўмир қазиб олиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажмларини ошириш бўйича муҳим тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, оғир пандемия шароитига қарамай, 2020 йилда 3,9 млн. тонна кўмир қазиб олинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 4 450 минг тоннага етказиш чоралари кўрилган.
Йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 3 920,9 минг тонна кўмир қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 134,6 фоизни ташкил этади.
Истеъмолчиларга жорий йилда 4,8 млн тонна, шу жумладан, иссиқлик электр станцияларига – 3,3 млн тонна, аҳолига – 705 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларига – 450 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига – 0,1 млн тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар бюджет ташкилотларига жўнатилиши керак бўлган 450 минг тонна кўмир маҳсулотлари тўлиқ етказиб берилди. Режа муддатидан олдин − 2021 йил 16 августда бажарилди.
Айни кунларда аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир етказиб бериш мақсадида “Кўмир таъминот” МЧЖ тасарруфидаги 102 ҳудудий кўмир омбори ва шаҳобчалари ишлаб турибди. Ушбу омборларга шу кнгача 600 минг тонна юклаб жўнатилди. Ҳозирда ушбу кўмир омборларига кунига етказиб берилаётган кўмир маҳсулоти ўртача 5,5-6 минг тоннани ташкил этмоқда.
Об-ҳавонинг одатдагидан паст келиши аҳоли истеъмолчиларининг кўмирга бўлган талабини кескин ошириб юбормоқда. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондара вилоятлари ҳокимликларидан қўшимча ҳажмлар бўйича аризалар келиб тушди. Энергетика вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланган режа-жадвалга асосан ҳудудларга ноябрь ойида 119,2 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилади.
Айни пайтда аҳолининг юқори талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳудудларига кўмир маҳсулотларини қўшимча етказиб бериш режалаштирилган. Шунингдек аҳоли истеъмолчиларининг талабига кўра, 2022 йил январь-февраль ойларида аҳоли импорт кўмир ўрнига маҳаллий кўмир билан таъминланади.
Пресс-тур доирасида матбуот анжумани ўтказилади ва жамият раҳбар-мутахассислари томонидан ахборотлар тақдим қилиниб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилади. “Ангрен” кўмир конига саёҳат уюштиримлиб, тадбир иштирокчилари кўмир қазиб олиш, саралаш ва юклаш жараёни билан таништирилади.