Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг ўзбек амалдорларига очиқдан очиқ таҳдидига муносабат билдириб, у Ўзбекистон халқидан узр сўраши кераклигини таъкидлаб ўтди.
«Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиши, шунингдек, ўзбек давлат амалдорларига нисбатан таҳдид билдириши ёки босим ўтказишини мутлақо қоралайман. Бундай ҳаракатлар икки дўст давлат муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳар икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларга зарар етказиши мумкин.
Мен Россия Федерацияси Бош прокуратурасидан Рамзан Қодировнинг ўзбек мулозимларига тахдиди юзасидан холатга ҳуқуқий баҳо беришини сўрайман.
Бундан ташқари, Рамзан Қодиров ўзининг кечаги муносабати учун Ўзбекистон халқидан очиқдан-очиқ узр сўраши керак. Шу билан бирга агар у дўст бўлса Ўзбекистон Бош прокуратурасига қидирувда бўлган Беслан Расаев ва Шамил Темирхановни топишда амалий ёрдам бериши ва уни Ўзбекистонга топшириши лозим», деб ёзган депутат.
Илгари маълум қилинганидек, Россия Федерацияси фуқаролари, чечен миллати вакиллари Бислан Расаев ва Шамил Темирханов Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган. Уларга жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айбловлар эълон қилинган.
Манбалар маълумотига кўра, ушбу шахсларга Комил Алламжонов ва НАПП раҳбари Дмитрий Лини ўлдиришни ташкил этиш учун $1,5 млн таклиф қилинган.
2024 йил 26 декабрь куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров баёнот билан чиқди. У суиқасд иши бўйича "чечен изи" ҳақидаги айбловларни рад этди, бироқ Дмитрий Ли ва Комил Алламжоновга нисбатан кескин баёнотлар бериб, уларни "қурбон сифатида кўрсатишни бас қилишларини" талаб қилди ва улар "анъаналаримиз бўйича жавоб беради", деб таҳдид қилди.
Ўзбекистон экология вазири маслаҳатчиси ва собиқ депутат Расул Кушербоев ҳам Қодировнинг баёнотига муносабат билдирди.
2024 йил 27 декабрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Бислан Расаев ва Шамил Темирханов халқаро қидирувга берилганини тасдиқлади. Бу тергов қилинган ишда "чечен изи" мавжудлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Тошкент вилоятида Комил Алламжонов ўтирган Range Rover автомашинаси номаълум шахслар томонидан ўққа тутилган эди. Комил Алламжонов Ўзбекистон Президенти Администрациясининг ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари ҳисобланади.