Валюта курслари 28/04/2025
$1 – 12957.14
UZS – 0.23%
€1 – 14702.47
UZS – -0.1%
₽1 – 156.56
UZS – 0.53%
Қидириш
Туризм 28/04/2025 Рақобат қўмитаси “Умра” туроператорлари рекламаларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади

Рақобат қўмитаси “Умра” туроператорлари рекламаларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетда жойлаштирилган реклама материалларини "Реклама тўғрисида"ги Қонун талабларига мувофиқлигини ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини олиб бормоқда.

Текширув объекти сифатида “Умра” зиёратини ташкил этувчи туроператорлар томонидан тарқатилган реклама материаллари ҳам кўриб чиқилди.

Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалар томонидан ўтказилган текширувлар натижасида Mirabelle Travel, Ketdik Tour, Ayattour ва Tavakkalna Travel МЧЖлар тегишли лицензияга эга бўлмасдан реклама жойлаштиргани аниқланди. Бу ҳолат "Реклама тўғрисида"ги Қонунни бузиш деб баҳоланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, мазкур компанияларга молиявий жарималар қўлланилди.

Бундан ташқари, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан Jat Travel Instagram саҳифаси ҳамда Farg'ona Umra, Saudiyaga Sayohat, Aziz Turizm, Sardor Turizm Telegram каналлари орқали хизматларини реклама қилган 5та субъектга нисбатан ҳам шунга ўхшаш қоидабузарликлар аниқланди. Натижада, ушбу ташкилотларнинг масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Лицензиясиз реклама тарқатаётган 12 дан ортиқ интернет манбалари бўйича қўшимча маълумотлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик марказига юборилди.

Текширувлар якунлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг