Рақобат қўмитаси букмекерлик хизматлари рекламаси устидан назоратни кучайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақобат қўмитаси томонидан ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган рекламаларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан тизимли ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилмоқда.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ва телеграм мессенжерида ташкил қилинган гуруҳ ва каналларда букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Бунда, букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи шахслар ахборот технологияларидан кенг фойдаланиб, ўзини шахсини яшириб ёки бошқа ном билан ушбу ҳаракатларни содир этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасига кўра, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни реклама қилиш тақиқланади.
Бироқ, бу каби ҳолатлар ўрганилганда, букмекерлик хизматларини тарғиб қилаётган электрон ресурслар субъектларини, масъул шахсларини, телеграм канал эгасини ва бошқа маълумотларни аниқлаш имконсиз бўлмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга ваколат доирасида аниқлик киритиш ҳамда тегишли чоралар кўриш юзасидан маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказига тақдим этилади.