“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг қарор ва тавсиялари билан ташкил этилган мазкур мавсум давомида 650 нафар фуқароларнинг умра зиёратига боришлари режалаштирилган.
Жорий йилги Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи аъзоси, 13 нафар гуруҳ раҳбари, 3 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.
Умра зиёратига тайёргарлик доирасида барча зиёратчиларимиз мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлат рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланади. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида кузатиш ва кутиб олиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ўртасидаги келишувга асосан, “Умра-2017” Рамазон мавсуми зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишлари 13 июнидан 29 июнига қадар давом этади.