Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2023-йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон ҳудудларида қурилиш ишларининг ривожланиши қиёсий таҳлилдан ўтказилди.
2023-йилнинг январь-июнь ойлари якуни бўйича республикада умумий ҳажми 68,1 трлн. сўмга тенг бўлган қурилиш ишлари амалга оширилган. Ўсиш суръати ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 104,8 фоизни ташкил этди.
Ўсиш суръати индексидан фойдаланган ҳолда қурилиш ишларининг ривожланиши бўйича ҳудудлар рейтинги ишлаб чиқилди:
- Ҳудудлар рейтингида етакчи ўринлар (1-6 ўринлар) ни эгаллаган Фарғона (121,3 фоиз), Сурхондарё (109,0 фоиз), Самарқанд (108,2 фоиз), Тошкент (108,1 фоиз), Навоий (107,2 фоиз) ва Хоразм (107,0 фоиз) вилоятлари тегишли ташкилий-техник тадбирларни тизимли амалга ошириш ҳисобига қурилиш ишларининг жадал ривожланиши билан ажралиб туради;
- Қашқадарё (105,3 фоиз), Бухоро (105,1 фоиз) ва Жиззах (104,0 фоиз) вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (104,1 фоиз) (7-10 ўринлар) индекснинг ўртача даражаси аниқланди;
- Андижон (103,1 фоиз), Наманган (103,0 фоиз) ва Сирдарё (100,9 фоиз) вилоятлари қурилиш ишларининг ўсиш суръати индекси паст кўрсаткичларга (11-13 ўринлар) эга;
- Таҳлил пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ўсиш суръати (100,1 фоиз) секинлашганлигини кўрсатди ва у рейтингда 14-ўринни эгаллади.
Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити, шунингдек, катта имкониятларнинг мавжудлиги соҳанинг янада самарали фаолият юритиши ва барқарор ривожланишига кўмак беради.