Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда қулай инвестицион муҳитни яратиш бўйича амалга оширилган чора тадбирлар ва унинг натижасини ўрганиб чиқди.
Сўнгги йилларда республикада инвестицион муҳитни яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 12 дан ортиқ Қонун, 60 дан ортиқ Фармон ва Қарор қабул қилинди.
Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида “Бизнес Омбудсман” институти, Бош вазир қабулхоналари ҳамда инвесторлар учун ягона марказ ташкил этилди.
2021 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ҳусусийлаштириш жараёни бошланди.
Агар 2016 йилда фуқаролари мамлакатимизга визасиз кириб чиқа оладиган мамлакатлар сони 9 тани ташкил қилган бўлса, виза тизими ислоҳ қилиниши натижасида бундай мамлакатлар сони 2022 йилда 90 тадан ортди. Шунингдек, инвесторлар ва уларнинг оила аъзолари учун алоҳида “инвестицион виза” тизими жорий қилинди.
Амалга оширилган ислоҳотлар ўз натижасини бермасдан қолмади. Масалан, 2017-2022 йилларда Ўзбекистон халқаро Иқтисодий эркинлик индекси умумий рейтингида ўз ўрнини 31 поғонага яхшилаб, 148-ўриндан 117- ўринга кўтарилди.
2017 йилда иқтисодиётга киритилган жами инвестициялар ҳажми 14 миллиард АҚШ долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 1,7 баробар ошиб, 24 миллиард АҚШ долларга етди.
Бугунги кунда жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакати Ўзбекистонга барқарор тарзда инвестиция киритмоқда. Улар иқтисодиётимизнинг асосан металлургия, энергетика, кимё саноати, электротехника, машинасозлик, енгил саноат тамоқларида фаолият юритаяпти.
Инвестицион муҳитни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши ва инсонларнинг турмуш даражаси яхшиланишига хизмат қилади.