Валюта курслари 23/06/2025
$1 – 12496.94
UZS – -0.5%
€1 – 14405.22
UZS – -0.05%
₽1 – 159.38
UZS – -0.49%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2025 Қонунчилик палатаси мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини тасдиқлади

Қонунчилик палатаси мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини тасдиқлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда мева-сабзавот етиштирувчи субъектларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш, интенсив усулда боғ ва токзорлар барпо қилиш, иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда юқори даромадли иш ўринларини ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги — мева-сабзавотчилик йўналишидаги маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи субъектлар, иссиқхона хўжаликлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган аризалар, шикоятлар ва даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда.

Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ундаги нормалар депутатлар берган таклифлар асосида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштирилди.

Қонун лойиҳаси қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дилмурод Артиқов “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига киритилаётган ўзгартиш, яъни маъмурий судларга шикоят қилиш билан боғлиқ масалага эътибор қаратди. Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ўз манфаатидан келиб чиқиб, маъмурий судга шикоят қилса, давлат божидан озод қилиниши назарда тутилаётганини, бу эса  маъмурий суд иш юритуви принципига қанчалик тўғри келишига изоҳ сўради.

Қонун лойиҳасига масъул депутатлар, қонун ташаббускорлари мазкур ҳужжат юзасидан кўтарилган шу ва бошқа саволларга атрофлича жавоб бериб, бугунги кунда ушбу масала билан боғлиқ таҳлиллар, рақамларни келтириб ўтишди. 

ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш зарурати борлигини ва уни қўмитага қайтариш таклифини ҳам билдирди.

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов мева-сабзавот етиштирувчи субъектларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган  қонун лойиҳаси куни кеча бўлиб ўтган сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлаб, қўмита таклифи овозга қўйилишини сўради. 

Мажлисда қонун лойиҳасига 46 нафар депутат қарши овоз берди, 13 нафар депутат бетараф бўлди. Натижада мазкур ҳужжат жуда кам овоз устунлиги билан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг