Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 21/10/2016 Қонунчилик палатаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди
Қонунчилик палатаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 20-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Маълумки, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилган эди.

Депутатлар томонидан муҳокама чоғида шу нарча алоҳида таъкидландики, қонун лойиҳаси муҳим ва ўз вақтида қабул қилинаётган бўлиб, у коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек, жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишга қаратилгандир.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси аъзолари қонун лойиҳасини маъқуллаб, шуни алоҳида таъкидладиларки, қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашда қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратади, хусусий мулк ҳуқуқини ғайриқонуний тажовузлардан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувдан ҳимоялашга, охир-оқибатда ишбилармонлик муҳитининг ва мамлакатимиз инвестиция жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг долзарблиги ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Мазкур ҳужжатда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари, ваколатли органлар тизими мустаҳкамлаб қўйилган, коррупцияга қарши курашишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, фуқаролик жамияти институтларининг, оммавий ахборот воситаларининг иштироки назарда тутилган.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида яна бир амалий қадам бўлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, шуни таъкидладиларки, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясини ташкил этиш ҳамда унинг таркибига тадбиркорлар жамоат бирлашмаларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакилларини киритиш коррупцияга қарши курашиш субъектларининг фаолияти мувофиқлаштирилишини, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайтирилишини таъминлашга қаратилгандир.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, бошқарув фаолияти соҳасидаги коррупция ҳолатлари фуқароларнинг ҳуқуқлари амалга оширилишига тўсқинлик қилишга сабаб бўлувчи омиллардан бири эканлигига эътиборни қаратдилар. Шу туфайли ҳам Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг киритилиши давлат томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг аниқлигидан далолат эканлигини тасдиқлайди. Мазкур қонуннинг амалга оширилиши халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини бундан буён ҳам таъминлашга хизмат қилади ва мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини оширади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг