Парламент қуйи палатаси мажлисининг кун тартибига киритилган масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида вазирликлар ва идоралар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.
Парламент аъзолари ўз ишларини «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасида аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий хизматларни кўрсатиш борасидаги умумий талаблар ва асосий йўналишларни аниқлаш, ушбу соҳада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ролини ошириш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёни устидан мониторинг ва назорат қилишни кучайтириш юзасидан изчил фаолият олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида қўмита томонидан сиёсий партиялар фракцияларининг, шунингдек, айрим депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларига катта эътибор қаратилди.
Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши, унда ижтимоий хизматлар мониторинги ва уларни баҳолаш механизмларининг белгиланиши ижтимоий ҳимоя тизими жамоат назорати учун очиқ бўлишига имкон беришини, фуқаролик жамияти институтларининг янада ривожланишига хизмат қилишини, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини оширишини таъкидлаб ўтдилар.
Батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу қонунни қабул қилдилар.