Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Ўзбекистон 22/02/2025 Қонун билан беғараз донорлик ҳаракати учун янги имтиёзлар жорий этилмоқда

Қонун билан беғараз донорлик ҳаракати учун янги имтиёзлар жорий этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунинг баробарида республика аҳолиси орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур Қонун билан бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахс учун бир йўла бериладиган пул мукофоти базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 15 баравари этиб мустаҳкамланмоқда (муқаддам БҲМнинг 5 баравари миқдорида бўлган).

Ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ваколатлари доирасида аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, уни кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш каби вазифалар юклатилмоқда.

Ушбу Қонун донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг қўшимча ҳуқуқий асосларини яратиш орқали аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг