Мазкур йиғилишнинг мақсади – мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми бўлган жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан жарима тариқасидаги жиноий жазонинг қўлланилиши ва унинг ижро этилишини ўрганиш ҳамда ушбу соҳадаги қонунларни такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Йиғилишда қайд этилганидек, соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, хусусан, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жазо тизими ва турлари миллий давлатчилигимизнинг тарихий тажрибаси, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик, инсонпарвар тамойиллари ҳамда конституциявий нормаларнинг устуворлиги асосида жиноий жазо жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий воситаси эмаслиги нуқтаи назаридан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган. 2001 йилнинг 29 августида жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонуннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш ва демократлаштириш борасида қўйилган муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун билан қонунчиликдаги адолат ва инсонпарварлик тамойиллари кучайтирилди, иқтисодий соҳада жиноят содир этган шахсларга нисбатан иқтисодий таъсир чораларини қўллаш, жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш институтини қўллаш имкониятлари кенгайтирилди. Яъни, иқтисодий соҳада жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ўрнига жазонинг жарима турини қўллаш, жарима миқдори оширилиб, энг аввало, етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилган бошқа таъсир чораларидан фойдаланиш кенгайтирилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши курашда жиноий жазо турининг жарима жазоси, жазо мақсадига эришишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида муҳим ижтимоий-ҳуқуқий аҳамият касб этмоқда. Чунки, жарима тариқасидаги жиноий жазо қўлланилган шахслар ўз эркинлигидан, ишидан, ўқишидан, оиласидан ёки бошқа ижтимоий фойдали фаолиятидан ажралмаган ҳолда маблағни тўлаш орқали жазони ўтамоқда. Бу эса жазони ўтаб қайтган шахсларнинг ижтимоий-маиший масалаларини ва уларни ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилишда, жиноятчиликни камайишига ижобий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, 2009 йил 14 январда «Ижро иши юритиш такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилинганлиги мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга ҳамда фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. 2008 йилнинг 10 апрелида қабул қилинган «Жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан жарима жазосини ижро этиш тартиби янада такомиллаштирилди.
Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши натижасида жарима жазоси судлар томонидан кенг қўлланилиб йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Жарима тариқасидаги жиноий жазони тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилинмоқда. Жарима тариқасидаги жиноий жазо тури нафақат ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни, балки оғир жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан ҳам агар бу жазо қонуннинг санкциясида назарда тутилган бўлса, қўлланилиб келинган. Суд ижрочилари жаримани мажбурий тартибда ундирилишини таъминлашмоқда.
Йиғилиш қатнашчилари амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, жарима тариқасидаги жиноий жазони қўллаш ва унинг ижросини таъминлашда айрим камчиликлар мавжуд эканлигига эътибор қаратдилар. Вилоятда дастлабки тергов жараёнида айбланувчининг мол-мулкини хатлаш бўйича ҳаракатлар лозим даражада бажарилмаганлиги, жарима тариқасидаги жиноий жазони тайинлаш ва миқдорини белгилашда инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатлар айрим ҳолларда эътиборсиз қолдирилганлиги, суд ижрочилари томонидан жаримани ундириш чоралари ўз вақтида кўриб борилмаганлиги, айрим кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини таъминлашдаги ишлари талаб даражасида эмаслиги ва бошқа камчиликлар натижасида айрим ҳолатларда жарималар ундирилмасдан жавобгарликнингмуқаррарлиги принципи таъминланмасдан қолган.
Йиғилиш қатнашчилари томонидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан жарима тариқасидаги жиноий жазони қўллаш ҳамда уни ижро этишни такомиллаштириш масалалари бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.