Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада, янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилиниши билан инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунга тегишли қўшимчалар киритиш орқали, шахсни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, тиббий кўрик давомида шахснинг танасида жароҳат ва шикастланишлар аниқланган тақдирда зудлик билан прокурорга хабар берилиши тартиби ўрнатиляпти.
Қонун лойиҳаси жиноят содир қилишда гумон қилиниб, ушлаб турилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш билан боғлиқ қонунчиликка зид хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.