Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Иқтисод 03/08/2016 Қишлоқ хўжалигида эришилган натижалар ва барқарор ривожланиш омили
Қишлоқ хўжалигида эришилган натижалар ва барқарор ривожланиш омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Истиқлолнинг илк кунлариданоқ, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси тизимли ислоҳ қилингани – бугун тармоқда эришилган юксак натижалар мисолида қанчалик самарали “тараққиёт йўли” эканлиги намоён бўлмоқда. Энг асосийси, мазкур соҳада олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида янгича ёндашув ва муносабат шаклланди. Аввало, янги мулкчилик шакллари вужудга келиб, ер ҳақиқий эгасини топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан қўмита аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирокида “Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги: Қишлоқ хўжалигида эришилган натижалар ва барқарор ривожланиш омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилди. Юртбошимиз қайд этганидек, “Фермер хўжаликларимиз бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нафақат 90-92 фоизини ишлаб чиқармоқда, балки қишлоқ ҳаётининг тараққиётини ўз зиммасига олган ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бормоқда”.

Тадбирда қайд этилганидек, юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Бунинг натижасида ўтган даврда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,5 карра, картошка – 1,9 марта, сабзавот – 2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайди.

Бу кўрсатгичлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир. Шунингдек, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотга сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди. Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз ва халқимиз жаҳон ҳамжамиятида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфзсизлиги таъминланган мустақил давлат даражасига эришди.

Тадбир иштирокчилари томонидан соҳада қўлга киритилган натижалар аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш билан бир қаторда бугунги жаҳон бозорининг мураккаб талаблари шароитида мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини кенгайтиришга имконият яратиб бераётганлиги эътироф этилди.

Шу маънода, яқинда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган I Халқаро мева-сабзовот ярмаркаси жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда мамлакатимиз экспорт салоҳиятини муҳим омили бўлган қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришларни мантиқан янги босқичга олиб чиқади.

- Мустақиллик йиллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун йигирмадан ортиқ қонунлар ва 100 дан ортиқ қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди ва тизимли амалга татбиқ этиб келинмоқда, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Исломжон Зокиров. - Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Наслчилик тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги каби Қонунлар аграр соҳа тармоқларини изчил ривожлантириш учун мукаммал ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларни билдириб ўтдилар.

Тадбир сўнгида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, мазкур йўналишда тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, шунингдек, қабул қилинган қонунларни амалга татбиқ этиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг