Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 23/01/2024 Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди

Бугун, 2024 йилнинг 23 январь куни Адлия вазирлиги томонидан Давлат Раҳбарининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бўйича матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда куни кеча қабул қилинган Фармоннинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
Биринчидан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн-аукцион савдоларини жорий этиш белгиланмоқда. Бунда:
– ижара муддати – 30 йил, бошланғич нарх – ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади;
– аукцион ғолибларига ер нархини 3 йилга, «дафтарлар»да турган фуқароларга эса – 5 йилга фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
– очиқ электрон танловга чиқарилиб, ғолиб аниқланмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини автоматик равишда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
Иккинчидан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат этилмоқда. Бунда:
– шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда ҳолда ўтказилади;
– ижарага олувчи ерга ижара ҳуқуқини ўтказишдан олдин ундан камида 3 йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши керак;
– ижарага олувчи аукцион ёки очиқ электрон танлов натижасига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қўшимча тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлиши шарт;
– юридик шахслар ўзларига тўғридан-тўғри равишда ижарага берилган ер участкаларини ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 йилдан кейин бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин.
Учинчидан, гаровга қўювчининг ер участкасига бўлган ҳуқуқлар гарови билан таъминланган мажбурияти бажарилмаган тақдирда, ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ижара ҳуқуқини ер ижараси шартномасининг қолган даврига электрон онлайн-аукцион савдолари орқали реализация қилишга рухсат этилади. Бунга кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион савдоларида реализация қилишдан тушган маблағлар қонунда белгиланган тартибда тақсимланади.
Тўртинчидан, агросаноат кластерларига ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижарага бериш тартиби бекор қилинмоқда. Бунда, агросаноат кластерлари ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ёки йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб олиш тартибида ижарага олишлари мумкин.
Шу билан бирга, ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ҳолларидан ташқари барча ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплаш бўйича тўловлар барча шахслардан тўлиқ ундирилиши белгиланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг