Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Иқтисод 26/10/2023 Қишлоқ хўжалигида сув тақчиллигини қандай камайтириш мумкин?
Қишлоқ хўжалигида сув тақчиллигини қандай камайтириш мумкин?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш орқали сув танқислигини камайтириш бўйича тадқиқот олиб борди. 

Тадқиқот давомида Сирдарё ўзанидан Мирзачўлнинг ички қисмигача бўлган 200 километрга яқин масофадаги ҳудуд шартли равишда 3 та зонага бўлинди ва улардаги туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда сувни кўп ва кам талаб қиладиган экинларнинг улуши таҳлил қилинди. 

Биринчи зонадаги Сирдарё вилоятининг Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё каби дарё билан туташ туманларидаги жами экин майдонларининг 54 фоизига сувни кам талаб қилувчи экинлар жойлаштирилган. Бу кўрсаткич иккинчи зонадаги Ховос туманида 66 фоизга, Мирзаобод туманида 56 фоизга тенг. Сирдарё ўзанига нисбатан 60-70 км. масофада

жойлашган учинчи зонадаги туманларда эса сувни кўп талаб қилувчи экин майдонларининг улуши 41,9 фоиздан 55,2 фоизгача. 

Афсуски, дарё ўзанидан узоқлашган сари сувни кўп талаб қилувчи экин майдонларининг жами экин майдонларидаги улуши ортиб бормоқда. Бу сувни кўп йўқотиш ҳамда сувни етказиб бериш харажатларининг ортишига сабаб бўлади. Бундай вазиятда дарё ўзанидан узоқлашган сари сувни кўп талаб қилувчи экинларни жойлаштиришни ҳам 50 фоиздан 10 фоизгача камайтириб бориш мақсадга мувофиқ.

Сирдарёдан чўл зонасига тортилган “Жанубий Мирзачўл” ва “Дўстлик” магистрал каналларида сув йўқотилиши 5-6 фоизни, ички ариқларда 7-8 фоизни ташкил этади. Кейин сув далалар орасидаги ариқлардан оқади ва бу тизимдаги шимилиш ва буғланиш ҳисобига сув йўқотилиши 30 фоизга етади. Шуларни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги амалий таклифлар ишлаб чиқилди:

дарё ўзанига энг яқин бўлган дарё қайирларига сувни кўп талаб қилувчи экинларни (масалан, шоли гектарига 25 минг м3 сув талаб қилади) экиш;

дарё ўзанига нисбатан яқин туманларга пахта (5-6 минг м3 /га) ва сабзавотларни (8-9 минг м3 /га) экиш;

дарё ўзанидан узоқлашиб борган сари сувни кам талаб қилувчи экинлар (кузги ғалла (4-5 минг м3 /га), нўҳат (3-4 минг м3 /га), мош, боғ ва узумзорлар (2-3 минг м3 /га)) ни жойлаштириш сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради.

Натижада, дарё ўзанидан узоқлашган сари шоличилик, сабзавотчилик, ғаллачилик, боғдорчилик кетма-кетлигида экин ареаллари шаклланади ҳамда сув етказиб беришдаги йўқотишлар 12 фоизга қисқаради.

Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш орқали яқин 15 йилда Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги туманларда суғоришдаги сув сарфини 30 фоизгача камайтиришга эришиш мумкин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг