Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 декабрь куни қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди.
Қўшимча энергетика қувватларини яратиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Натижада қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилди, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.
Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, пойтахтимизда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилди. 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланди. 260 километр юқори кучланишли кабел тармоқлари тортилди.
Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб, дастур доирасида режалаштирилган ишларни қисқа муддатларда якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинди. Президентимиз ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди.
Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совуши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.
Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.
Бу йил кўмир таъминотида ҳам янги тизим йўлга қўйилди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 5 миллион 900 минг тонна кўмир қазиб чиқарилди. Аҳолига 930 минг тонна, ижтимоий соҳа учун қўшимча 93 минг тонна кўмир етказилди.
Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди.
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Бугундан бошлаб барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланди.
Йиғилишда Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши қайд этилди. Шунингдек, бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади.
Шунингдек, жамоат транспортларининг барқарор қатновини таъминлаш, метро ва автобусларда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди. Бекатларда шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва ҳаракат хавфсизлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда қишга тайёргарлик бўйича Ҳукумат комиссияси ва бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.