Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 23/02/2018 Қирғизистонда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
Қирғизистонда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Кейинги вақтларда хорижда жабрланган Ўзбекистон фуқароларини республикамизга қайтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан, Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан 2018 йил 20 февраль соат 04:30 ларда олинган хабарга кўра, Қирғизистон Республикаси Жалол-Обод области, Кочкор-Ата шаҳридаги хусусий кафеда табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида чақнаш содир бўлганлиги, натижада жабрланган 4 нафар фуқародан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлиги тўғрисида маълумот берилди.

Ушбу маълумот асосида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази томонидан тезкор чоралар кўрилиб, Қирғизистонлик ҳамкасблар билан жабрланганларни шифокорлар назоратида Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фарғона, Наманган вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида жабрланган фуқароларнинг шахсини аниқлаш, яқин қариндошларига хабар етказиш ишлари олиб борилиб, 22 февраль куни соат 14:00 холатига Ўзбекистон Республикасига олиб келиш чоралари кўрилди.

Ҳозирда жабрланган фуқаролар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон ва Наманган вилоят филиалларига жойлаштирилган ва улар билан зарурий тиббий муолажалар ўтказилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг