Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Ўзбекистон 22/02/2025 Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари замон талабига мослаштирилади

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари замон талабига мослаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ бугунги кунда ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорлик кескин ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра тизимда 600 млрд сўмлик дебитор қарздорлик тўпланиб қолган.

Натижада бундай ҳолат тармоққа тегишли ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритишга, соҳага тадбиркорлик субъектлари ва хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда.

Шу вақтга қадар ўз вақтида тўловни амалга оширмаган абонентга нисбатан таъсир чоралари фақатгина суд тартибида амалга оширилар ва у узоқ давом этадиган жараён ҳисобланар эди.

Ушбу Қонун билан Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, “Рақобат тўғрисида”ги ва “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Унга кўра эндиликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларга қисқа хабар (sms) юборилади. Шундан сўнг мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар истеъмолчидан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади. Бунда хизмат кўрсатувчи тузилмалар тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончли ҳамда тўғрилигини таъминлашга масъул бўлиши белгиланмоқда.

Қонунга кўра қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар уни бартараф этса, электр энергияси учун тўловлардаги вақтинчалик чеклашлар автоматик равишда бекор қилинади.

Қонуннинг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини яхшилаш, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга хизмат қилади.

Муҳокама якунлари бўйича Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг