Қатар Давлати Амири давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Бўлажак олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Бунда, энг аввало, фаол сиёсий мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш, энергетика, газ-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш эътибор марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.
Учрашув якунида салмоқли ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қатар Давлати Амирининг юртимизга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 25 йилдан зиёд тарихида биринчиси бўлади.